2 Oktabr 2023, 11:00 Iqtisod

Сентябрда инфляция 1,24 фоизни ташкил этди

Бу сўнгги уч йил ичида ушбу ойдаги энг юқори кўрсаткич, шунингдек, 2023 йил бошидан буён энг катта ўсишдир.

Сентябрда инфляция 1,24 фоизни ташкил этди
TASHKENT, UZBEKISTAN – APRIL 01: People do shopping at Chorsu Bazaar within preparations for the upcoming holy Islamic fasting month of Ramadan in in Tashkent, Uzbekistan on April 01, 2022. (Photo by Ibrahim Erikan/Anadolu Agency via Getty Images)

Ўзбекистонда 2023 йилнинг сентябр ойида инфляция 1,24 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисоботида айтилган.

Бу сўнгги уч йил ичида ушбу ойдаги энг юқори кўрсаткич (2021 йил — 1,09 фоиз, 2022 йил — 1,03 фоиз), шунингдек, 2023 йил бошидан буён энг катта ўсишдир.

Ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 1,8 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1 фоизга, хизматлар 0,6 фоизга қимматлашган.

Йил бошидан (январь-сентябр) инфляция 5,13 фоизгача ошган, йиллик инфляция (ўтган йилнинг сентябр ойига нисбатан) 9,19 фоизга (8,96 фоиз) тезлашган. Йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 11 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 7,6 фоизга, хизматлар 8,2 фоизга қимматлашган.

Шунингдек, ўтган бир ой ичида қатор ҳудудларда уй-жой ижараси тўловлари ошди (республика ўртача 2,4 фоизга).

Сентябрь ойида умумий овқатланиш хизматлари нархи тўққизта вилоятда ўртача 0,1 фоиздан 2,5 фоизга (август ойида 0,3 фоиздан 5,3 фоизгача) қимматлашди.

Бир қатор ҳудудларда палов индекси ўзгарди. Бир порция палов нархи Бухоро вилоятида 11,9 фоизга — 28,2 минг сўмгача, Самарқанд вилоятида — 7,3 фоизга (27 минг сўм) ошди. Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ҳам таом қимматлашган (2 фоиз ва 1,6 фоиз).

Mashhur yangiliklar