Ўзбекистонда креветка етиштириш йўлга қўйилиши мумкин
Лойиҳа доирасида креветка етиштиришнинг 4 хил усули қўлланилади ҳамда бу усуллар сувни сунъий шўрлатиш орқали амалга оширилади.
Хитой компанияси Ўзбекистонда креветка етиштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бу бўйича, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раҳбарияти ҳамда Хитойнинг «Shandong Youfa Group» компанияси вакиллари учрашиб, ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқишди.
Томонлар мамлакатда креветкани саноат усулида етиштиришни йўлга қўйиш масаласига эътибор қаратишди. Уюшма вакиллари бунинг учун Ўзбекистонда мавжуд шароитлар, хитойлик экспертлар эса креветка етиштириш технологияси, усуллари ҳамда ҳажмлари ҳақида тушунтиришлар берди.
Музокаралар давомида Хитой компанияси лойиҳа доирасида креветка етиштиришнинг 4 хил усули қўлланилишини маълум қилди. Бу усуллар сувни сунъий шўрлатиш орқали амалга оширилади. «Shandong Youfa Group» директорининг қайд этишича, сунъий тарзда шўрлатилган сувда креветка боқилгандан сўнг, артемия балиғини ҳам боқиш кўзда тутилган.
Жорий йилнинг апрель ойида креветкани саноат усулида етиштириш лойиҳаси амалга оширилиши маълум қилинганди. Шунингдек, 2024 йилда 900 минг тонна балиқ етиштириш, 35 240 гектар сунъий сув ҳавзаларини интенсивлаштириб, 513 600 тонна балиқ етиштириш ҳамда 9 минг хонадонда интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш белгиланган.