14 Sentabr 2023, 16:01 Iqtisod

ОТБ Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантиришга 93 млн доллар ажратади

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон саноат тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш орқали инклюзив ўсишни рағбатлантиришга қаратилган.

ОТБ Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантиришга 93 млн доллар ажратади

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантиришга 93 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, вазирлик раҳбари Беҳзод Мусаев ОТБнинг Инсон ресурсларини ривожлантириш сектори раҳбари Аяко Инагаки бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашиб, Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, келгусида янги ташаббусларни амалга ошириш борасида музокаралар олиб борди.

«Замонавий иқтисодиёт учун кўникмаларни ривожлантириш» лойиҳаси бўйича Ўзбекистон ва ОТБ ўртасида тузилган 93 миллион АҚШ доллари миқдоридаги битим ижросини амалга ошириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон саноат тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш, ёшлар ва иш билан банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш орқали инклюзив ўсишни рағбатлантиришга қаратилган.
Лойиҳа қурилиш, тўқимачилик ва тикувчилик саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, агробизнес ва озиқ-овқат саноати, техника ва ускуналарга хизмат кўрсатиш каби тармоқларда малакали ишчи кучи сифатида инсон ресурсларини ривожлантиради.

Mashhur yangiliklar