Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинади
Президент халқаро майдонни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг яшил технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга чақирмоқда.
7 сентябрь куни Самарқандда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Унда 15 та мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлари, 8 мамлакатдан вазир ўринбосарлари, 13 мамлакатнинг юқори даражадаги дипломатлари ва 30дан зиёд халқаро ҳамда илмий ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Бош вазир Абдулла Арипов томонидан Шавкат Мирзиёевнинг конференция қатнашчиларига йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Давлат раҳбари мурожаатида фермерлар ва кичик ишлаб чиқарувчилар учун ахборот-консалтинг марказларини ташкил этиш, уларни ресурс тежайдиган технология ва усуллар бўйича ўқитиш учун агро-консалтинг хизматлари сифатини яхшилаш долзарблиги қайд этилган.
«Замонавий технологиялар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги фермерлар учун бир хилда очиқ ва ҳамёнбоп бўлиши керак. Халқаро молия институтларини бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг «яшил технологиялар»дан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга чақирамиз», дейилган мурожаатда.
Шунингдек, зарур маҳсулотлар савдоси ва транспортировкасида тўлиқ эркинлик ҳамда озиқ-овқат юклари ҳаракатини тартибга соладиган қоидаларни соддалаштириш, савдо йўллари хавфсизлиги ва очиқлигини таъминлаш давлатлараро муносабатларда ўзгармас тамойил бўлиб қолиши зарурлиги таъкидланади.