14 Yanvar 2023, 23:00 Iqtisod

Ўзбекистон ўзининг энергия тармоқларини бировга бериб юбормайди

Энергетика вазири Россия Ўзбекистоннинг газ-транспорт тармоқларини сўраётганини билвосита тасдиқлаганди

Ўзбекистон ўзининг энергия тармоқларини бировга бериб юбормайди

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўтган ойдаги чиқишларидан бирида Россия Ўзбекистоннинг газ-транспорт тармоқларини сўраётганини билвосита тасдиқлаганди.

«Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг тармоқларни бировга бериб юбориш ёки бошқа орқали эмас, олди-сотди тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти», – деганди у.

Вазир «Kun.uz»га берган интервьюсида Ўзбекистон РФнинг «учтомонлама газ иттифоқи» ғоясига қўшилмаслигини ҳам айтганди: «Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ».

Ноябрь ойи охирида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга уч томонлама газ иттифоқини тузишни таклиф қилгани маълум бўлганди. Россия томони бу таклиф сиёсий шартлар эвазига газ етказиб беришни назарда тутмаслигини, гап тижорий манфаатларни мувофиқлаштириш ҳақида кетаётганини билдирди.

«Газета.uz»га турли манбалардан маълум бўлишича, бу масала россиялик ҳамкорлар билан қатор икки томонлама учрашувлар чоғида муҳокама қилинган. Дастлаб, Россия томони Россияда ишлаб чиқарилган табиий газни тескари тартибда, Қозоғистон орқали Марказий Осиё—Марказ қувури орқали етказиб беришни таклиф қилган.

Россия томонининг асосий шарти Ўзбекистон газ узатиш тизимини бозор қиймати бўйича «Газпром» тасарруфига ўтказиш эди. Бундай талаблар ушбу шартларга рози бўлмаган «Қазақгаз» миллий компаниясига ҳам қўйилган. Россия томони илгари сурган иккинчи шарт Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқидан воз кечиш эди. Яъни «Газпром» шартномада Ўзбекистоннинг «УзГасТраде» компанияси ўрнига бўлишни таклиф қилган.

Mashhur yangiliklar