5 Sentabr 2023, 07:47 Layfstayl

Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев вафот этди

Жўраевнинг қўшиқлари ўзбеклар орасида яхши танилган. Бугунги кунгача ижро этган қўшиқлари сони 600 дан ошади.

Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев вафот этди

Ўзбек қўшиқчилик санъати яна бир намояндадан ажралди: Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев, 4-центябр куни 76 ёшида вафот этди.

Ҳофиз, созанда, шоир, бастакор Шерали Жўраев 1947 йилнинг 12 апрелида Андижон вилоятининг Асака туманида таваллуд топган.

1987 йил Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган. 2018 йилда Шерали Жўраевга Тожикистон халқ артисти унвони берилган эди.

Шерали Жўраев Тошкент театр ва рассомчилик институтини, сўнгра Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтини тугатган.

Шерали Жўраев ўзбек давлат эстрадаси (1972–1973), «Шодлик» ашула ва рақс ансамбли (1972–1979), Андижон вилояти филармонияси (1979–1986), Ўзбек давлат филармонияси (1986–1996), «Ўзбекнаво» бирлашмасида (1999 йилдан) яккахон хонанда бўлган.

Навоий номидаги давлат мукофоти лауреати (1991 йил), 2018 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени берилган.

2022 йилнинг 12 апрелида Президент фармонига биноан ўзининг 75 йиллик юбилейида Шерали Жўраев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан ҳам тақдирланган.

Жўраевнинг қўшиқлари ўзбеклар орасида яхши танилган. Бугунги кунгача ижро этган қўшиқлари сони 600 дан ошади.

Шерали Жўраев аксар қўшиқларининг куйини ўзи басталаган. Улар орасида «Биринчи муҳаббатим», «Ўзбегим», «Карвон», «Аччиқ ҳақиқат», «Яралган», «Ошиқлар сардори», «Инсон қасидаси», «Ошиқ бўлинг» ва бошқалар бор. Баъзи қўшиқларининг матнини ҳам ўзи ёзган. Булар орасида «Бобо Деҳқон», «Замон», «Қарашларга», «Она Туркистон», «Соҳибқирон», «Дўст бўлсанг, ёнимда тур», «Қаён кетмоқдасиз?» ашулалари бор.

Mashhur yangiliklar