4 Sentabr 2023, 22:02 Layfstayl

«Ота-онамни набиралик қилолмадим». Хонанда Манзура ота-онасидан айрилгач тушкунликка тушгани ҳақида гапирди

«Инсон ҳаётида ота-онанинг ўрни катта, афсуски, уларни йўқотгандан кейин буни янада кучлироқ ҳис қиларкансиз», — дейди хонанда.

«Ота-онамни набиралик қилолмадим». Хонанда Манзура ота-онасидан айрилгач тушкунликка тушгани ҳақида гапирди

Хонанда Манзура YouTubeʼдаги «Chotki TV» каналига берган интервьюсида турмушга чиқиш борасидаги саволлардан чарчагани ва қандай тоифа эркаклар билан яшолмаслиги ҳақида айтиб ўтди.

«Кўп тилларни биладиган, динимизни қаттиқ эмас, юмшоқ қабул қиладиган, аёлларга меҳрибон эркакларни ҳурмат қиламан. Аёлларга зулм қилиб, фақат уйда ўтирасан, дейиш ярамайди. Аёл киши ҳам эмоционал инсон, унинг руҳиятини синдириб қўйиш осон. Турмуш ўртоғим ўзимга ўхшаган рус табиатли инсон бўлсада, мусулмон бўлса ва қизиқишларимни ҳурмат қилса, деб ният қиламан.

Фақат мол-дунё ва керакмас қадриятлар билан яшайдиган инсонларни унчалик тушунмайман. Масалан, Илон Маск миллиардер инсон бўлсада, оддий квартирани ижарага олиб яшайди. Аммо унинг мақсадлари жуда улкан. У Марс сайёрасига бориб, ўша ерда яшашни орзу қилади. У баъзи одамларга ўхшаб, умрини данғиллама уй-жой қуришга сарфлаётгани йўқ.

У яратган қанчадан қанча техникалар инсонларнинг оғирини енгил қиляпти. Айтмоқчи бўлганим, эркак кишининг дунёқараши кенг бўлса, аёл киши ҳам унга қараб интилади. Аёл дегани фақат битта мебелни артиб, қозон-товоқни тозалаш билан умри ўтиб кетмаслиги керак. Мен ҳам барча аёллар сингари уй ишларини қилиб зерикиб кетаман. Айтмоқчи бўлганим, эркак ва аёл бир-бирини тўлдириши, олий мақсадлар сари интилиши керак», — дейди хонанда Манзура.

Хонанда феъл-атворидаги баъзи камчиликлар сабаб бир неча йил трендда бўлгани ва бу ҳолат ижодкорларга хос эканлигини таъкидлаб ўтди. «Эмоционал инсонман, гапириб қўйиб, кейин кўп афсусланаман. Бу аввало аёл кишига, ундан кейин ижодкорларга хос характер бўлса керак. Хўжалигимга борибми, об-ҳавога ўхшаб феъл-атворим ҳам ўзгариб туради. Юлдуз Усмонова ҳам эмоционал инсон. Шу феълим сабаб бир неча йил трендда бўлиб, муҳокамалар марказида бўлганман», — дейди хонанда.

«Отам раҳматли Янги йил байрами дастурхонига қўйиладиган оливе салати ва норин таомини яхши кўрарди. Дастурхон тузаб, оила даврасида телевизор кўришни яхши кўрардик. 2018 йилнинг ёзида ота-онамдан кетма-кет айрилдик ва Янги йил дастурхонида Нигина опам билан ёлғиз ўтирибмиз. Бу ҳолат инсон руҳиятига жуда қаттиқ таъсир этар экан. Ҳатто шундай кунлар ҳам бўлдики, уйни таъмирлатиш керак бўлганида шу ишни ҳам қилишни истамадик. Чунки уйнинг ҳар бурчагидан ота-онамнинг юз-кўзлари кўринарди. Уйдаги ҳар бир нарса улар билан боғлиқ хотираларни эслатарди.

Ота-онам билан 40 ёшимга қадар бирга яшадим. Баъзан ҳатто уларни набиралик қилолмадим, деб ўксинардим. Аммо Яратганнинг хоҳиши билан инсон турмушга чиқади, фарзандли бўлади. Самодан никоҳ тушмагунича бир эркакка яқинлашиб бўлмайди. Демак, шундай бўлиши керак эди, деб ўзимни юпатаман. Ота-онам билан саёҳат қилишни, айниқса, Анталиядаги денгиз соҳилларига боришни ёқтирардим. Аммо ота-онамни йўқотганимдан кейин саёҳатга бориш ҳам кўнглимга сиғмай қолди. Инсон ҳаётида ота-онанинг ўрни катта, афсуски, уларни йўқотгандан кейин буни янада кучлироқ ҳис қиларкансиз», — дейди хонанда Манзура.

Mashhur yangiliklar